МУҲЛИСИМ ФАРҲОДЖОН ХОТИРАСИГА
Ширинларни дардида,
Тоғни ўйган Фарходлар!
Мусофирлик шаҳрида,
Чекмоқдадир фарёдлар!
Ёш қиз қабр бошида,
Ҳеч кимга солмас қулоқ.
Ўттиз тўққиз ёшида,
Ўғлинг ўтди Мингбулоқ!
Ёри қолди юлиб соч,
Осмон қулар додига.
Хаёл сурар наилож,
Ёри тушар ёдига.
Кўп қатори эр-хотин,
Ишлай деб тўрт-беш танга.
Кўрмай фарзанд дийдорин,
Келмай тўрт йил ватанга!
Бирга кетишиб э, воҳ,
Қайтмади хайхот бирга.
Худо ўзинг бўл паноҳ,
Ҳар битта мусофирга!
Орзу қушин гўзални,
Қанотини қайирдинг.
Ўн ёшли Гуласални,
Отасидан айирдинг!