ЭРТАГАЧА
Бир кун бахтим бўлади ғорат,
Бир кун бўшаб қолади ёним.
Эртагача қиламан тоқат,
Эртагача ўлмайман, жоним.
Бунча олис сен кетган томон,
Мен дардимни ютаяпман жим.
Дугонангнинг сўзлари ёлғон,
Эртагача ўлмайман, жоним.
Бугун бизнинг кўчалар айри,
Тилсимини тугатди “сим-сим”.
Эртагача келмасанг майли,
Эртагача ўлмайман, жоним.
Мен шундайин бахтга эгаман:
Сенсиз ўтмас ҳатто бир оним.
Эртага ҳам сени севаман,
Эртагача ўлмайман, жоним.
Жўрабек РАМАЗОНОВ