Туркманистонда ҳайвонларга бериладиган ем кепаги инсонларнинг озиқ-овқатига айланяпти
Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 8 март Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакат хотин-қизларига берадиган пул мукофоти бу йил 40 манатни ташкил қилади.
28 февраль куни давлат раҳбари имзолаган фармойишга кўра, Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан 2018 йилнинг 1-6 март оралиғида Туркманистон президенти номидан аёлларга тантанали равишда 40 манат миқдорида пул мукофоти топширилиши қайд қилинади.
Расмий матбуотнинг маълум қилишича, мукофотлар мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат қилаётган, давлат томонидан нафақа ва пенсия олаётган, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда аспирантура, докторантура ва клиник ординатурада таълим олаётган, Туркманистон президенти ҳузуридаги Давлат хизмати Академияси курслари тингловчилари бўлган хотин-қизларга, талаба, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчи бўлган қизларга берилиши кўзда тутилади.
Президентнинг 40 манат миқдоридаги пул мукофоти Туркманистон хотин-қизларига ҳар йили берилади. Мукофотларни топшириш тадбирлари аньанага кўра Давлат телевидениеси орқали намойиш этилади.
Давлат телевидениесида эфирга узатилаётган хабарларда давлат тараққиёти ва халққа берилаётган унвонлар ва мукофотлар кўрсатилади. Ижтимоий кундалик ҳаёт эса телевиданиедагидан анча фарқли. Ашхабоддаги давлатга қарашли дўконларда бир кишига 1 килодан кўп бўлмаган миқдорда ун ва 1 килодан кўп бўлмаган миқдорда шакар сотилмоқда. Пойтахтликларга кўра, дўконларда ун, шакар ва ўсимлик мойи каби маҳсулотлар 1-2 соатда тугаб қолаяпти, навбат кутганлар сони эса кўпайиб бормоқда.
Бундан ташқари Туркманистон ун тақчиллигини бошидан кечирмоқда. Ун тақчиллиги боис мамлакатда ҳайвонларга бериладиган ем кепаги инсонларнинг озиқ-овқатига айланяпти.
Бу кунларда ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёж туфайли кўп сонли навбатларни ташкил қиляпти. Киши бошига 20 кг берилётган ун кепаги, баъзи вилоятларда талонлар орқали бериляпти. Ем кепагини харид қилиш учун 10 кун олдин навбатга ёзилиши керак. Навбатга ёзилиш учун эса, кечаси билан навбатни пойлаб кутилади. Навбат келганида эса, шахсни аниқловчи ҳужжат, паспорт копияси талаб қилинади. Лекин, бу каби муаммолар Давлат телевидениеси орқали намойиш қилинмайди.