Америкалик дорбоз Ник Валленда Чикаго шаҳри устида қурилган икки дордан ўтишга муваффақ бўлган.
Дорбозни ердан минглаб томошабинлар ҳайрат билан кузатиб туришган.
35 ёшли дорбоз икки осмонўпар бинони бирлаштириб турувчи арқонда ҳеч қандай ҳимоя ипларисиз юрган.
Аввалига Ник Валленда Чикаго дарёсининг икки қирғоғида жойлашган юқори қаватли биноларни боғлаб турувчи дордан осонлик билан ўтган.
Кейин эса, у шаҳарнинг энг баланд қаватли биноларини бирлаштирган арқонда кўзи бойланган ҳолда юрган.
Узунлиги 152 метрлик биринчи дорни босиб ўтишга у 6 дақиқа 52 сония сарфлаган.
Икки буржни бирлаштирган ипдан ўтишга эса, дорбозга атиги 2 дақиқа 17 сония вақт керак бўлган.
Дорбозлар сулоласидан бўлган жаноб Валленданинг маҳорати телевидение орқали ўн сония кечикиш билан намойиш этилган.
Кейин эса, жаноб Валленда, яна кўзи бойланган ҳолда журналистлар саволларига жавоб берган.
Журналистларга гапираркан, дорбоз Валленда: "Худди баргдек қалтираётгандим. Оёғим остидаги арқон титрарди, мен фақат нариги томонга ўтиб олиш ҳақида ўйлардим", деб айтган.
У олдин Ниагара шаршараси устидан ўтказилган арқондан ўтганди.