Ўзбекистон, Human можароси: Одамлар марказий майдонда намойиш қилса, энди ҳукумат эшитадими?
Мингдан зиёд ўзбекистонликдан четга ишга жўнатамиз деган ваъда билан пул олиб, сўзида турмаган Human хусусий бандлик агентлиги раҳбарига чиқарилган суд ҳукми ортидан шундай савол туғилди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида хорижга ишга юбориш кафолати билан 1200 нафарга яқин ўзбекистонликнинг ҳар биридан маълум миқдорда – 35 миллион сўмга қадар маблағ олган, аммо шартномаларда кўрсатилган ваъдаларни бажарилмаган Human хусусий бандлик агентлиги раҳбарига нисбатан жиноий иш очилган эди.
27 январь куни агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаевни суд 10 йилга озодликдан маҳрум этган.
Унга 1080 нафар жабрланувчига етказилган қарийб 22 миллиард сўмга яқин маблағни қоплаб бериш мажбуриятини юклаган.
Суд қарорида ундирилган маблағ одамларга тенг миқдорда тақсимланиши айтилади.
Бир неча ойдан бери давом этиб келаётган ушбу можаро жабрдийдалари хорижга кетиш ниятида қўлидаги охирги сўмини Файзуллаевга бергани, эндиликда эса, молиявий жиҳатдан буткул қийналиб қолганини айтишади.
60 дан зиёд жабрдийда тегишли давлат органларидан тинч норозилик намойиши ўтказишга расман рухсат сўраб, 28 январь куни пойтахтнинг марказий Мустақиллик майдонида йиғилдилар.
Намойиш ўтказиш сўровига расман жавоб берилмаган бўлса-да, расмийлар одамларни тарқатишга уринмади.
Жабрдийдалар ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари билан учрашиш ҳамда муаммо юзасидан Парламент назорати бошлашни талаб қилганидан сўнг расмийлар уларга музокара ўтказишни таклиф этди.
Ушбу музокара давомида Ўзбекистонда камдан-кам кузатиладиган ҳолат содир бўлди: Парламентнинг ҳар икки палатаси вакиллари одамлар арзини эшитди.
Одамлар норозилик намойиши босимга учрамай, давлат ҳокимияти билан тинч музокарага айланишини кутмагандик, деб ҳайратларини яширмадилар.
Намойишни Би-би-си Ўзбек Хизматининг Тошкентдаги мухибири Аваз Тоҳиров кузатди.
BBC News O'zbek - BBC News O'zbek tilida, onlayn, TV va ijtimoiy tarmoqlarda