ФАҚАТ АЁЛЛАР УЧУН
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
Биласизми, инсонлар хотирасида қачондир унга яхши маслаҳат берган инсон сифатида ҳам бир умр сақланиб қолиш мумкин.
Шунақа тоифалар бор: улар ўзи англаб етган нарсаларини бировга айтмай, гўрига олиб кетади.
Бир тарафдан улар ҳам ҳақ!
Кўп нарсани инсон ўзи тиришиб-тирмашиб ўрганиши керак, зеро шундагина ўрганган нарсалари қадрли бўлади!
Камина унақа одамлар тоифасига кирмайман: сабаби умрим давомида ҳамиша кўнгли очиқ устозларга учрадим!
Менга берилганларини мен ҳам бериб қолишим керак!
Бу йўриқда баҳиллик қилишга ҳаққим йўқ!
Демак, бугун фақатгина аёллар учун маслаҳатлар бераман.
Бу маслаҳатлар-ўзим учун тўғрилигини синаб кўрган нарсаларнинг йўл-йўриқларидир!
Қадрли аёллар, биласиз Инсонда "истара" деган нарса бўлади!
Бу умуман танимаган одамингиз кўзига худди таниш одамдек "юлдузи иссиқ" кўриниш демакдир!
У чирой деган нарсадан қаттиқ фарқ қилади. Яъни одам чиройли бўлиши мумкин, аммо истарасиз, совуқ кўринади.
Қош ўз ўрнида, кўз бинойидек...
Аммо пешона, манглай тарафлар қанақадир...
Яна халқда "тановори тоза" деган гап бор. Бу ҳозирда истилоҳдан чиқиб кетган ибора. Мазмуни шу сабабли сизга ёт бўлиши мумкин.
Хўп, асл моҳиятга қайтамиз.
Нима учун баъзи одамлар истарали, юлдузи иссиқ, тановори тоза?
Нима учун баъзи одамларнинг кўриниши совуқ, яхши гапларни гапириб турса ҳам ёнига йўлагингиз келмайди?
Онам раҳматли айтардилар: кўп нарсалар аёл кишининг қандай ғусл қилишига боғлиқ деб!
Шароити яхши бўлмаган жойларда келин уй ичида ювинади. Буни халқ тилида "овраз" дейилади. Овраз-бу кичик ҳаммом!
Ҳаммом-шайтон ва жинлар маскан тутадиган жойлардир...
Ювинадиган жойингиз ҳам уй, ҳам ҳаммом бўлмасин!
Ғусл қилганда сочнинг албатта остига сув тегсин.
Онам айтардилар: аёл киши бош ювишдан олдин албатта биринчи бўлиб юзни ювиши керак деб!
Юз-инсон танасидаги энг азиз жой!
Бежизга таҳоратда энг оҳирида оёқ ювилмайди. Тананинг ҳар бир аъзосини ювиш тартиби бор!
Аёл киши бош ювганда ҳам, ғусл қилганда ҳам "лаа илааҳа иллаллоҳ" калимасини айтиб биринчи бўлиб юзини ювади, пешонани керак бўлса ишқаб-ишқаб!
Чунки пешона-ўша биз айтган "истара" нинг ўрнидир!
Баъзи жойларда шундай тушунчаси саёз аёлларга йўлиқиб қоламиз-ки, улар "ғусл" тўғрисида тушунчага эга эмас!
Шаҳсан ўзим бир воқеанинг гувоҳи бўлганман.
Бир аёл биз билан ўтириб нонушта қилди, сўнг ҳаммомга жўнади. Ажабландим. Билсам, кечқурунги ишдан кейин ҳали ғусл қилмаган экан.
Менам ҳаммомга кириб шу аёлнинг кўзи тушиши мумкин бўлган ҳамма жойларимни бошқатдан ювиб, ғусл қилиб чиқдим.
"Наҳс босиш" деб мана шу нарсани айтишади, азизлар!
Ғусл қилмай, болангизнинг чеҳрасига термулиб, чала ювилган кўкракни тутманг!
Наҳсга ботирасиз!
Биз жуда ўз ташвишларига ўралашиб қолган, скамейкада писта чақишдан бошқа нарсага жон куйиктирмайдиган қавмга айланиб қолдик.
Биздан аввалгилар кўп нарсаларни доли гулига келтирадиган одамлар бўлишган.
Бундан анча йиллар олдин адашмасам Абу Бакр ар Розийнинг китобларини ўқигандим.
Ана ўша китобда кўп ажойиб нарсалар ёритилганди. Масалан яқин алоқалардан олдин анор суви ичилса, туғилажак фарзанднинг териси ёрқин ва соғлом бўлиши, майиз ейилганда бўлажак зурриёднинг кўзлари чиройли бўлиши ёзиб ўтилган.
Бизда қандай?
Эр чойхонадан ичиб келади!
Аёл ўчоқ бошида чарчаб, терлаб ўтирган бўлади...
Ғусл ҳам чалакам чатти!
Сочга сал сув теккан, киндик, қулоқ ичи қуп-қуруқ, эсдан чиқиб қолган чунки!
Ғусл дуосини аёл ҳам эркак ҳам билмайди!
Ароқ қонни қизитиб турган пайтда бўлган бола-билмадим у улғайса қанақа бола бўлади?
Мен бир оилани биламан. Қиш пайти улар соғлиқларини ўйлаб, яқин алоқалардан кейин ғусл қилишмас экан.
Яна бошқа оилада, келин ғуслга сув иситолмай ойисиникидан электр чайник олиб келса, қайнона "ток кўп кетади!" деб олиб қўйган.
Сўнг совуқ сувда ювиниб, шамоллаб касалдан боши чиқмай қолган...
Келинни фақат кир-чир ювишга олмагансиз, ёки супир-сидирга...
У бу уйга ўғлингизнинг тан маҳрами ўлароқ, наслини давом эттириш учун келган.
Сифатли, соғлом, кўримли маҳсулот нима сизга керак эмасми?
Энди "тановори тоза" жумласини мушоҳада этамиз!
Қиз пошшанинг онаси нурли, чиройли аёл, қилиқлари маънили!
Унинг онаси ҳам, онасининг онаси ҳам ана шунақа тановори тоза аёллар бўлишган!
Бу-аристократлик эмас!
Бу-насл насабдорликдан ҳам катта фарқ қилади!
Бу-чиройли аёллар зоти-уруғини ҳам англатмайди!
Унда гап нимада?
Бу оилада онадан-қизга, авлодма-авлод ўтиб келаётган тозакорлик тутуми бор!
Нега халқда "юлдузи иссиқ!" жумласи ишлатилади?
Биласизми?
Биров келиб, унинг пешонасига юлдуз қадаб кетмаган!
Аввало тозакор, наҳс босмаган, этаги зинога кўтарилмаган тоҳира аёлларнинг ана шундай фариштаси бўлади! Хатто уйига кирсангиз, уйида ҳам ҳамма нарса сизга ёқимли кўринади!
Фаришта ана ўша одамларга ҳамиша яқин юрганлиги сабаб у ҳамманинг кўзига ёрқин кўринади.
Биздан икки маҳалла нарида бир аёлнинг уйи бор эди. Қайнонам у уйнинг "яхши жой эмаслигини, зино маскани" эканлигини айтганлар.
Мен ўша уйнинг ташқи деворидан кўра совуқроқ, нурсиз манзарани ҳаётимда бошқа кўрмаганман.
Эркакда ҳам, аёлда ҳам, янги туғилган гўдакда ҳам вакил фаришталар бўлади.
Имом Муслим ва Имом Аҳмад Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: «Сизлардан ким бўлмасин, унга жинлардан бир соҳиб, фаришталардан бир соҳиб вакил қилинган». Шунда саҳобалар: «Сизга ҳамми, ё Расулаллоҳ», деб сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом: «Менга ҳам, лекин Аллоҳ менга мадад бердики, соҳибим мусулмон бўлди. У мени фақат яхшиликкагина буюради», дедилар.
Ифлослик қанча кўпайса фаришта одамдан шунча нари бўлаверади!
Баъзи одамларнинг юзида ғалати балчиққа ботгандек қора соя узоқданоқ кўзга ташланади.
Никоҳдаги жинсий яқинлик икки тараф учун жуда кўп савоблар ишлаб олиш ҳодисасидир!
Уни ҳам ибодат даражасига кўтариш мумкин!
Ҳар бир аъзоингизни қадрланг, ғусл чоғи шу аъзоларни сизга бекаму кўст берган Зотни ичингизда ҳамд айтиб улуғлаган ҳолда ғусл қилинг!
Дарҳақиқат баъзи ўринда кўп нарсалар аёл кишига боғлиқ.
Ўша эрталаб биз билан ювиқсиз ҳолда нонушта қилган аёлга ҳам хунук кўринсамда бир насиҳат қилгандим:
"Мана шу оддий нарсада эринчоғлик, аҳамиятсизлик қиларкансиз-муаммоларингиз кундан-кунга кўпаяверади!"
Онам раҳматли: кийими чала чайқалган эркакнинг иши юришмайди дердилар...
Хотини чала чайқалган эркакникичи?
Ўйламанки, сизга бу ёзганларим ин шаа Аллоҳ манфаатли бўлди!
©️Ummu Zaynab Ummu


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев