Дўстим деб сақладим мудом ёдимда, Йўқладим ҳаттоки дуо-додимда, Шодон вақтимда ҳам бўлиб ёнимда, Ёмон кунимда ҳам асқотурмисиз? Ортимдан гапирса бир неча одам, Туҳматлар дастидан кўзим бўлса нам, Менинг тарафимни олмасангиз ҳам, Ғийбатим қилмасдан жим кетурмисиз? Меҳрин аяганда қадрдонларим, Нуримни йўқотса зимистонларим, Сўлиб битганида гул, райҳонларим, Жонимга малҳамдек хуш ботурмисиз? Ғанимларим мендан келганда ғолиб, Ортиқ курашмоққа қолсам гар толиб, Ақалли бир марта ёнимни олиб, Уларга қарата тош отурмисиз? Қалбим қора бўлса ғубору-гарддан, Руҳим хаста бўлса бундайин дарддан, Нажот бўлмаганда бирор ҳамдарддан, Мени бу ғафлатдан уйғотурмисиз