
Расулуллоҳ ﷺ саҳобалари орасида туриб, иймон аҳлидан собит қолганлари У зотни ҳимоя қилаётганди.
Ўша лаҳзаларда одамлар титраб, қалблар қўрқувга тўлган эди.
Шунда Ансор аёлларидан бири майдонга чиқди – У Насиба бинти Каъб – Умму Умаро розияллоҳу анҳо эди.
У тонг отгандан бери ярадорларга сув ташиб, жароҳатланганларни даволаётганди. Расулуллоҳ ﷺга мушриклар қилич билан яқинлашаётганини кўриб, қўлидаги сув идишини ташлаб, қилич ва найза олиб, майдонга шундай шўнғидики, фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлагандек эди.
У икки эркакнинг ўрнига, балки кичик қўшиннинг ўрнига жанг қиларди.
Расулуллоҳ ﷺ олдида девор мисоли туриб, ҳар бир мушрик яқинлашса қиличини кўтарар, кимдир У зотга етиб бормоқчи бўлса, зарба ёки найза билан тўсарди.
Расулуллоҳ ﷺ унинг бу собитлигини кўриб: «Ўнгга ҳам, чапга ҳам қарасам, уни фақат мени ҳимоя қилиб жанг қилаётганини кўрардим», дедилар.
У зарба берар, зарба ер, ҳужум қилар, ҳужумга учрар эди. Ҳатто Ибн Қамия унинг елкасига қаттиқ зарба бериб, елкасини чуқур жароҳатлади – суяги кўриниб қолди.
Шунга қарамай у орқага чекинмади, инграмади, жароҳатига назар ҳам ташламади. Балки ўша ерда туриб жанг қилишда давом этди ва:
«Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, биз сиз билан жаннатда бирга бўлайлик», деди.
Расулуллоҳ ﷺ: «Аллоҳим, уларни жаннатда менга ҳамроҳ қил», деб дуо қилдилар.
Унинг ўғли Абдуллоҳ ҳам ёнида жанг қилаётган эди. Қўли жароҳатланганида, онаси унга югуриб келиб, қонни артиб, жароҳатни боғлади-да:
«Тур, ўғлим, Расулуллоҳ учун жанг қил», деди.
У ўрнидан туриб жанг қилди, жароҳатлар кўпайгунча.
Умму Умаро эса ўғлининг қонаётганини кўриб туриб, эри ва укаси ҳам Расулуллоҳ атрофида жанг қилаётган эди. Улар гўё тирик қалқонлардай У зотни ҳар томондан ўраб олишганди.
Жанг тугаганида Умму Умаро ўн иккидан ортиқ жароҳат олган эди – баъзилари чуқур, баъзилари аъзоларини узиб ташлайдиган даражада оғир эди.
Расулуллоҳ ﷺ унинг олдига келиб, елкасини силаб:
«Ким сенга ўхшаб чидай олади, эй Умму Умаро? Бугунги ўрнинг фалончи ва фалончидан афзалдир», дедилар.
У оғриққа қарамай табассум қилиб: «Аллоҳга ҳамд бўлсинки, мени сизнинг ҳузурингизда туриш шарафига мушарраф қилди, ё Расулуллоҳ», деди.
Уҳуддан кейин ҳам Умму Умаро Исломнинг ҳар бир муҳим воқеасида иштирок этди – ҳатто Ямома кунида Мусайлима Каззобга қарши жанг қилди. У ўша куни қўлини йўқотди, лекин орқага чекинмади, душманга қаттиқ зарба бериб, кейин йиқилди ва:
«Аллоҳга ҳамд бўлсинки, мени ҳар бир майдонда Унинг душманларига қарши жанг қилишга муваффақ қилди», деди.
У иккинчи Ақаба байъатида келган икки аёлнинг бири ва Расулуллоҳ ﷺга тўғридан тўғри байъат берган аёлдир.
Ҳудайбия сулҳи, Хайбар ғазоси, Умратул-қазо, Макка фатҳи, Ҳунайн ғазоси – буларнинг ҳаммасида иштирок этди.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев