Бир кунга бер отамни Аллоҳ!
Бир кун бўлсин меҳри паноҳим!
Ўзи тирик, қалби ўликлар,
Бездирдилар мени Аллоҳим!
Бир кунга бер отамни, Аллоҳ,
Юзларидан ўпайин суйиб!
Тушларимда ҳар куни, э,воҳ,
Толдим уни тупроққа қўйиб!
Парвардигор, Яратган Эгам,
Қудратингни олдида гардман.
Отасидан айрилганларнинг,
Ич-этини тирнаган дардман!
Исён эмас, ўтинч бу, ўтинч,
Нима қилай, соғиндим ёмон!
Бир кечамга меҳмоним қилгин,
Бир кунимга бергин, Художон!
Юзи тўла нурлигим қайда,
Зимистонлар ичра қақшадим.
Унинг меҳри бўлмаган жойда,
Қаноти йўқ қушга ўхшадим!
Бир кунга бер, бир кунгинага,
Ҳидларига олайин тўйиб.
Ярим соат ухласам майли,
Тиззасига бошимни қўйиб!