МЕНИ ЭСЛА, МЕНИ УНУТМА!
Мени эсла, мени унутма,
Эсла, гуллар сочганда баҳор.
Бу дунёнинг бир чеккасида,
Сени эслаб юрган одам бор.
Мени эсла, мени унутма,
Эсла, қучоқ очганида ёз.
Мени эсла ҳар кун, ҳамма вақт,
Мени қанча эсласанг ҳам оз.
Мени эсла, мени унутма,
Эсла, хазон сочганида куз.
Боққанида хомуш ярим ой,
Мени эсла, учганда юлдуз.
Мени эсла, мени унутма,
Эсла мени, ёққанида қор.
Унутмагин, ҳали дунёда,
Сени эслаб юрган одам бор.
Мени эсла, мени унутма,
Бир кун қайғу, ғамлар кетади,
Эслаб тургин сен мени ҳаргиз,
Менга шунинг ўзи етади.
Хайр энди, қиёмат қадар,
Бўлганда ҳам қиёмат-қойим,
Мени эсла, эсламсанг ҳам,
Эслатади бир куни Худойим!