Соғиняпман осмонни, она,
Руҳиятим бугун кўп ғариб.
Оғир юкдир вужудим яна,
Ҳамон қайғум кетмади ариб.
Тўкиляпман хазондай, она Йиллар менинг елкамга минган.
Кунлар менга қилма деб тана
Юрагимни гулга ўраган.
Соғиняпман осмонни, она,
Нурли йўлим топмадим, ахир.
Шамдай сўнмай ёна ва ёна,
Қўлларимдан тутмаса кимдир.
Хавотирман недандир, она,
Дил ойнамни қоплади қиров.
Яқинлашиб келади аста
Кечикканин тан олиб биров.
Дақиқага суяндим, она,
Тақдир менга туҳфалар йўллар.
Учиб борар қадамим санаб,
Оқ тулпорга мингашган йиллар!