Сенинг
Сен яратган оламу инсон гўзал,
Сен юборган Мустафо, Қуръон гўзал,
Сен буюрган ҳар амал, иймон гўзал,
Руҳлар ичра сунганинг виждон гўзал,
Бу гўзалликлар жамолингдан Сенинг!
Ҳар ишинг, ҳар сўзу аҳкоминг буюк,
Ҳам жазойинг, ҳамда инъоминг буюк,
Қилганинг инсонга икроминг буюк,
Жаннатингдек дини Исломинг буюк,
Бу буюкликлар жалолингдан Сенинг!
Сен яратмиш икки дунёйинг тугал,
Ҳар сифотинг, ҳамма асмойинг тугал,
Барча манглайларда имлойинг тугал,
Диллар ичра чеккан имзойинг тугал,
Бу тугалликлар камолингдан Сенинг!
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
04.04.16