Баҳор келиб гулласа бодом,
Толпопуклар тақса шўх қизлар.
Кўзларда ёш яшайди Илҳом,
Эсланг бизни,эсланг азизлар.
Бу ерларга бегона баҳор,
Биз ялпизлар ҳидларига зор,
Кечиб юрган тиззасидан қор,
Эсланг бизни ,эсланг азизлар .
Меҳмон ила тўлганида уй,
Энг авжига чиққанида тўй,
Соғинчлардан ранги сомонрўй,
Эсланг бизни ,эсланг азизлар .
Дилга ботди тиконли симлар,
Фақат азоб бағрига имлар,
Унутдилар бизларни кимлар?
Эсланг бизни ,эсланг азизлар .
Ҳижрон ҳадя этди бу дунё ,
Ё соғинчлар қул этди гўё,
Жойнамозда қилганда дуо,
Эсланг бизни ,эсланг азизлар !!