Шодон деманг лабим кулар дилим вайрон,
Амали кам жасадимдан ҳавотирман,
Жайрон каби жоним учун ҳушим ҳайрон,
Қабрдаги суҳбатимдан ҳавотирман.
Тиним билмай зулм қилар маккора нафс,
Оташ сари етаклайди ҳою хавас,
Савобларим гунохимга келгайми бас,
Кеча-кундуз ғафлатимдан ҳавотирман.
Умр шамдек ёниб-ёниб тугар охир,
Икки малак елкам узра мудом ҳозир,
Неки амал қилган бўлсам бари зоҳир,
Менга бўлар саволимдан ҳавотирман.
Фано ичра интиҳосин топса йўлим,
Шаҳодатни айтармикан саркаш тилим,
Борар жойим бўлармикан сокин сўлим,
Қабр томон жўнашимдан ҳавотирман...