Меҳримдан шунчалар тўйганмидинг айт,
Зерикдингми ёки
туйғуларимдан?…
Сенга илинмадим изтиробимни,
Сени устун қўйдим қайғуларимдан…
Мени ўз ҳолимга қўйгин,
дегандинг
Юрагинг ҳам балки ўзича ҳақдир.
Мен сендан абадий кетмоғим мумкин,
Лекин,
Ўз ҳолингга қўймайди тақдир!
Учратарсан мендан яхшироғини-
Гуллар ҳам тутарсан кўзига боқиб.
Ишон,умр дарё,
Ўша сувларда
Ўтган хотиралар келади оқиб.
Мен сендан абадий кетдим ўкиниб,
Кўз ёшим ичимга оқади тахир.
Гоҳида жонимни қийнар дил тилиб,
Мени ўз ҳолимга қўймади тақдир…
Учраштирсин бизни ҳаёт гоҳида,
Билганим-лаҳзалик дийдор ҳам бахтдир…
Қалбимга куз ҳамон тўкар хазонлар
Ҳали ҳамон мени қийнайди тақдир!…
┄┅অঠই✯🍁✯ইঠঅ┅┄