Зеро, Аллоҳ таоло:
"Албатта қийинчилик кетидан енгиллик бор. Албатта машаққат ортидан осонлик бор".
(: 5;6 - оятлар) деб икки карра ваъда берди.
.
"Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас" (Оли Имрон:9 оят).
.
Дунё машаққатлари сизга эргашса, куюнманг. Балки, Аллоҳ сизнинг илтижоларингизни эшитишни истагандир.
Бахтли бўлсам, куламан, деманг. Бахтли бўлиш учун табассум қилинг!
Ассалому Алайкум ва рохматуллохи вабарокатух ...
•┈•┈•❁-----------------------------------❁•┈•┈•
Агар инсонларга диққат билан разм солсангиз, уларни тўрт тоифада топасиз:
➊ - Аллоҳга итоат қилади. Ҳаётда бахтли яшайди.
➋ - Аллоҳга итоат қилади. Бахтсиз ҳаёт кечиради.
➌ - Аллоҳга осий, ҳаётда бахтли.
➍ - Аллоҳга ҳам осий, ҳаётда ҳам бахтсиз яшайди.
-------------------------------------------------------------------
Агар биринчи тоифага мансуб бўлсангиз... бу табиий. Чунки Аллоҳ:
«Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл: 97) дейди.
Агар тўртинчи - тоифага мансуб бўлсангиз, бу ҳам табиий. Чунки Аллоҳ:
«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз» (Тоҳа: 124) дейди.
Агар иккинчи - тоифадан бўлсангиз, бу иш икки эҳтимолга кўра:
1. - Балки Аллоҳ сизни суйгани, сабрнингизни синаш ва даражангизни кўтаришни истагани учун қийин ҳаётни яшатади:
«Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер» (Бақара: 155).
2, - Эҳтимол, тоатингизда қандайдир нуқсонлар мавжудлиги ёки сиз ўзингиз билмаган гуноҳларингиз борлиги, ундан қайтиш - тавба қилишга эринчоқлик қилаётганингиз, Аллоҳ эса, Унга тавба қилиб қайтишингиз учун синаётган бўлиши мумкин! «Албатта, Биз уларга буюк азобдан олдин яқин азобни тоттирамиз. Шоядки қайтсалар» (Сажда:21).
➠ Агар учинчи тоифага мансуб бўлсангиз, унда қаттиқ эҳтиёт бўлинг! У истидрождир. Яъни Аллоҳ арқонни узун ташлаб, муҳлат бериб, даражама - даража банда гуноҳга ботиб боришига имкондир. Бу - инсон тушиши мумкин бўлган энг даҳшатли вазият. Аллоҳнинг азобли уқубати албатта келади:
«Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар» (Анъом:44).
Аллоҳ, барчамизни тўғри йўлидан адаштирмасин! Ҳақда собит қилиб, икки дунё саодатини насиб этсин! Омин...
•┈•┈•❁-----------------------------------❁•┈•┈•
КЕЧАНИНГ УЧДАН БИРИ ҚОЛГАНДА ДУО ҚИЛИШ...
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: "Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қилсам? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини берсам? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечирсам", дейди", дедилар".
Шарҳ:
Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига Ўзига лойиқ тушиш ила тушади. Биз унинг кайфиятини била олмаймиз. Бундан У Зотга нуқсон лозим ҳам бўлмайди.
Мазкур тушишни ҳадисда зикр қилишдан мақсад, дуо ва ибодат мазкур вақтда афзал ва мукаммал эканини билдиришдир. Ким шу вақтда дуо қилса, дуоси қабул бўлиши эҳтимоли кучли. Бу дуо намозда бўладими, намоздан кейин бўладими ёки намозсиз бўладими - барибир. Аммо намозда ёки намоздан кейин бўлса, афзалдир.
Шунинг учун эркагу аёл мўмин-мусулмонлар яхши тадбир қилиб, уйқу соатларини ҳам режали қилиши, кечанинг учдан бири қолганда кўпроқ туриб, нафл намозлар ўқиши, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қабул қилади, сўралган нарсаларни беради, мағфират сўралса, гуноҳларни кечиради.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ислом умматининг баракасини саҳарда қилиб қўйган. Саҳар пайти барака чоғи ҳисобланади. Шунинг учун ким саҳархез бўлса, саҳарда бедор бўлса, бу вақтда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилса, умри баракали бўлади, камбағаллик ундан узоқлашади, топганига барака кириб, бой-бадавлат бўлиб юради.
Бу ҳақиқатни тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва бошқалар қўй билан итни мисол қилиб келтирадилар.
Қўй одатда битта, гоҳида иккита туғади, ит эса етти-саккизталаб туғади. Қўй ҳар куни, ҳар ерда сўйилади, лекин камайиб кетмайди, қаёққа қарасангиз, қўйлар юради.
Ит эса ҳеч кўпаймайди, мудом қувғинда бўлади.
Бунга итнинг кечаси билан ҳуриб, у ёқдан-бу ёққа югуриб, саҳарга яқин ухлаб қолиши сабаб экан.
Қўй эса шом вақтида ухлаб, саҳарлаб уйғониб олади, бедор бўлади. Уламолар бу ҳодисадан улуғ бир ҳикматни истинбот қилиб, буни сизу бизларга насиҳат тарзида айтган эканлар.
"Одоблар хазинаси" китобидан.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев