Вафо
Қабристонда кеча ёққан қор
Милдир - милдир эриб ётибди.
Гӯр устида бир ит инграб зор,
Лойга бағрин бериб ётибди.
Кеча тобут кӯтарилган дам
У беором югурган - елган.
Қувсалар ҳам, тош отсалар ҳам
Эл ортидан мозорга келган.
Отасидан айрилган агар
Бунча куймас одам боласи.
Ёлғон эди кеча йиғилар,
Рост эди шу итнинг ноласи.
Совуқ тунда қотиб, дийдираб,
Қабрга у қӯйиб ётди бош.
Эриган қор каби милдираб
Кӯзларидан тинмай оқди ёш...
Биз инсонмиз, соҳиби дунё,
Қудратлимиз, мағрурмиз, тӯқмиз.
Садоқатда, меҳрда аммо
Шу бечора бир итча йӯқмиз.
Э.Воҳидов