...ТАҲАЙЮЛ...
Бир оҳча лаҳзага сиғишсайдик биз,
Кўксимга ёйилса тим қора сочинг.
Бармоқларим тегса- титрасанг сўзсиз,
Бўйнимга чирмашса ўтли қулочинг.
Йилга алмашмасак ўша лаҳзани,
Алмашмасак ҳатто бутун умрга.
Бир яшин умрича бўлса ҳам қани,
Дилни кўмиб кетса боқий ҳузурга!
Муҳаббат пинжига тиқилсак дилгир,
Ҳеч ким изламаса ё тополмаса!
Айбимизни ювиб, тинмаса ёмғир,
Ювса... ортимизда гуноҳ қолмаса...
Хаёлотдан тонса, қувончдан ёнса,
Жовдираб термилган соғинчнинг кўзи.
Ташна, беҳол юрак меҳрга қонса,
Кулиб турса, ёрқин толе юлдузи....
Парда тутса бизни қилиб эҳтиёт
-Бизга шу лаҳзани ҳадя этган тун!
Шу митти лаҳзага тўйииб боқса шод,
Миллион йил яшаб тўймаган очун.