Юзинг кулиб турар, япроқчангда ёш,
Шу нозик жуссангда чинордай бардош,
Наҳот кўнгиллар тош, дийдалар ҳам тош,
Болалар уйида унган бойчечак.
Нигоҳлар тўшалган йўл мотамсаро,
Қалбларда умид - шам, кундузлар қаро.
Келдингми сўроқлаб аёзлар аро,
Болалар уйида унган бойчечак.
Гўдаклар эркалаб юзинг силашар,
Покиза орзусин айтиб тиллашар,
Битта бахт - волида, падар тилашар,
Болалар уйида унган бойчечак.
Тилакларим кетди қайгадир дайдиб,
Мен ният қилмадим «омонлик» айтиб.
Бахт билан яна кел шу боққа қайтиб,
Болалар уйида унган бойчечак!..