Бахт у нима?
Оллоҳдан ҳар тун,
Яна бир тонг тиланмоқликми,
Ва уйғониб,қуёш нурига,
" Омонлик!", деб беланмоқликми?
Бахт у нима?
Дастурхонингда,
Қўлинг куйиб ушатилган нон.
Ёки қушлар ҳадиксиз учган,
Бизга насиб этилган осмон!
Бахт у нима,
Бола эмизган,
Оналарнинг сийнасида сут,
Ёки ёмғирлари билан сийлаган,
Қиз сочидек қоп-қора булут!
Бахт у нима,
Балки момонинг,
Набирасин белаган бешик.
Фаришталар рисқ келтирсин деб,
Тонг саҳарда очилган эшик.
Нима у бахт?
Хонадонингда,
Қирқ кун келин қилган таъзими?
Ўттиз,эллик,саксон ёшингда,
Дўстларингнинг қурган баъзими?
Бахт нима у?
Беминнат,ҳалол,
Битта қошиқ ошинг ичганинг.
Соғиндим деб, ҳар замонда бир,
Онажонинг келиб қучганинг!
Бахт у нима?