Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
------------------
«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:
«Эй, Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом; «Лаа Илаҳа Иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, Закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деди у.
Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
«Менга Иймон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:
«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганидек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, ялонғоч, камбағал, чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уриншларини кўрмоғинг», дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бир мунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у Жиброилдир. Сизларга динларингиз дан таълим бергани келибди», дедилар».
Яна бир ривоятда:
«У Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор». Оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қайтаринглар», дедилар.
Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу Жиброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан бирортангиз то, мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлардан бир одам у кишига:
«Эй, Амир ал-мўминийн, китобларингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар бизга, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, биз ўша кунни байрам қилиб олар эдик», деди. У (Умар):
«Қайси оят?» деди.
«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин, деб рози бўлдим», ояти» деди. Умар розияллоҳу анҳу:
«Биз ўша оят Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот Жума куни, Арафотда тик турган эдилар», деди».
Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 4