НИМА БЎЛАДИ
Кўзларингиз ажиб кулади,
Дил ёқимли ҳисга тўлади,
Бундай қилманг, гўзал қиз, яна
Севиб қолсам, нима бўлади?
Сочингизни майдалаб ўриб,
Келманг, дилбар, ҳолимни сўриб,
Жонимдан ҳам азизроқ кўриб,
Севиб қолсам нима бўлади?
Сизга балки, мен бир ҳавасман,
Қаршингизда негадир мастман.
Ахир, энди ёш йигитмасман,
Севиб қолсам нима бўлади?
Қўйинг, кирманг кўнглим - тор ҳужра,
Қорлар ёғар бошларим узра.
Кулгуларга қолиб эл ичра,
Севиб қолсам нима бўлади?
Жилмайсангиз, xаёллар суриб,
Ботирман-у қўрқаман, юриб.
Тўрт фарзандим, аёлим туриб,
Севиб қолсам нима бўлади?
Ботир Эргашев