Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: «Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лойиқ бўлади». Ибод ибн Касир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадики: «Гувоҳлиги қабул бўлмайдиган кишидан ҳадис ривоят қилманглар». Муҳаммад ибн Сийрин айтадилар: «Бу илм диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар». Муҳсин айтадилар: «Ким чиройли сўз айтса-ю, ёмон амал қилса, ундан илм олманглар ва унга суянманглар».