Яшагим келади, яшашга жой йўқ,
Кўнглим сен дарёсан, лек сенга сой йўқ,
Кечаги ой қани, кечаги ой йўқ,
Ҳолимни бир марта сўра, азизам,
Мени муҳаббатга ўра, азизам!
Оҳимдан айтайми, гуноҳимданми,
Мени сотиб кетган гувоҳимданми,
Росту ёлғон бўлган оҳ-воҳимданми,
Ҳаммаси гумондир гумон, азизам,
Мен ҳам тумандаман, туман азизам!
Наҳот йиғлаб бўлдим, наҳот кўнглим тош,
Наҳот йиғламайман девона кўз ёш,
Энди осмонимга чиққанда қуёш,
Осмонда ой каби айтгин, азизам,
Менинг осмонимга қайтгин, азизам!
Кўнглим қараб турган кўнглим боғ бўлар,
Кўнглимда аламлар чўққи, тоғ бўлар,
Бир куни бу доғлар сўнмас чоғ бўлар,
Мени бу дунёда енгма, азизам,
Ахир мен осмонга тенгман, азизам!