Жим! Юракни бир эркалаб кўр,
Шивирлаш ҳам гуноҳ бу кеча.
Ўзни авра ё хаёллар сур,
Ёки секин сана минггача!
Фақат жим бўл! Сукутга тиз чўк,
Алдамасдан гаплашамиз, кел!
Яъни тилга ташламай ҳеч юк,
Индамасдан гаплашамиз, кел!
Бузилмасин сукут сарҳади,
Бу ҳудуд кенг, ўта чиройли.
Изҳор қилиб тиллар чарчади,
Энди кўзга навбат берайлик!
Энди кўзлар гаплашсин, жим тур,
Бу суҳбатни дунё тингласин.
Биргина сўз бузиб қўяди
Сукунатнинг тенгсиз жилвасин!