Оқни қора демоқ бугун бир одат,
"Савоб"га айланди шахсга ибодат.
Бойликдан изланди бахту саодат,
Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар.
Оқилга "ахмоқ" деб лақаб қўйилди,
Жойлари зиндонга тақаб қўйилди,
Покиза ўрнига нопок суйилди.
Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар.
Мақталар нафратга сазовор зотлар,
Илоҳга айланди хор махлуқотлар..
Тикланди қайтадан Лоту-Манотлар.
Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар.
Эй, дўстлар, сабр бу розилик эмас!
Зулмга розининг ўзи ҳам нокас.
Сабр бу курашдир, сиз курашинг, бас!!!
Сабрдан ўзга ҳеч чора йўқ дўстлар