ШОШМА, УМР
Шошма, умр,
Шошма, вақт,
Хали сенда ҳаққим кўп,
Томирларим куйдирган,
Қўшиқлар айтаман, хўб...
Шошма, қуёш,
Шошма, ой,
Хали сени қучмадим,
Кокилларинг торида
Арғимчоқлар учмадим....
Шошма, юрак,
Шошма, ишқ,
Кўксимга сиғмаган қуш.
Парвозларим сарбаланд,
Ерлик ғамлар, хайр, хуш!
Шошма, гумон,
Шошма, рашк,
Хали ёрим беҳабар.
Дилни дилга боғламоқ,
Оташ билан баробар.
Шошма, дунё,
Шошма, бахт,
Хали сенга тўймадим.
Исмим омад қасрининг
Пештоқига ўймадим!