Ўйласам юракни ваҳима босар, Ўйлар жуда оғир, жуда ҳам оғир. Кетсам, қисматимга қаро қор ёғар, Қолсам, юрагимга ёғмоқда ёмғир. На тўхтар на йўлга бошлайди тана, Руҳим ҳам негадир на шод на ғамгин. Қолсам уволингга қоламан яна, Кетсам, саволингда қоламан тағин. Нечун олқаганча оҳ-зорларингни, Маломат ёғилар билмасдан тиним? Нечун мен суяман озорларингни, Нечун мен суяман, суймайди жиним?.. Мени тушунмади бу ерда ҳеч ким, Мен ҳам англамадим ҳеч кимни, аммо, Қолсам, нечун шайтон ҳиринглайди жим, Кетай десам, нечун йўл бермас Худо?...