Аллоҳим, ўзимни якка илоҳим,
Биламан, жуда кўп қилган гуноҳим.
Аммо қандай қилай Ўзинг паноҳим,
Ҳар лаҳза шу ҳолда бўлишни ўргат!
Қисматим онига исёним кечир,
Вужудим ер асли... осмоним кечир,
Ўзингдан ёлворай, Раҳмоним, кечир,
Чин дилдан тавбалар қилишни ўргат!
Лаин чиқиб қолса узун йўлимдан,
Ушлаб ол, Раббано, икки қўлимдан!
Давралар тўрини суғур дилимдан,
Даргоҳингга шодон келишни ўргат!