БУНЧА БАХТИ ҚАРОСАН ДУНЁ!
Нега ерни уриб йиғлайсан,
Ерда нима гуноҳ бор рўё?!
Сен ҳам мендай кулиб йиғлайсан,
Бунча бахти қаросан дунё!
Кўзларимга боқма, кўзим ёш,
Юрагимдан қон томар гўё!
Оҳ, йўқмиди сенга ҳам сирдош,
Менга бунча ўхшайсан дунё?!
Ўхшамаса учратмас, дерлар,
Мана кўргин мен ҳам чўғман, о!
Қаерларга кетди бу ерлар,
Қаердамиз ахир биз дунё?!
Унутмайсан сен мени бир дам,
Ёдингдаман мен тирикман то!
Эслаб қолай энди сени ҳам,
Эслаб қолгин мени ҳам дунё!
Қара, ерни уриб йиғлайман,
Менда нима гуноҳ бор рўё?!
Мен ҳам сендай кулиб йиғлайман,
Мен ҳам сенга ўхшайман дунё!
БУНЧА МЕНГА ЎХШАЙСАН ДУНЁ!?