САВОЛ
Ким эдим-у ким бўлдим энди,
қайга кетар ёшлигим, кучим,
исёнларга, ғазаб, нафратга,
оғриқларга тўладир ичим…
Кўпроқ яшаб қўйдим шекилли:
ой, кун сайин хотирам оғир,
етти қават осмон тепамда,
елкаларим сирқираб оғрир.
Ташладими ёки бир умр
кўзимга ғам кўлкаларини,
Парвардигор, бор бўлсанг агар,
эзма ўғлим елкаларини.
Ким эдим-у ким бўлдим энди,
кўриб турар қуёш, сув, тупроқ.
Кўзларимдан кўра ҳаётни
елкаларим кўрибди кўпроқ.