Тилни саклаш ҳақида Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 18-оятида: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)»; Вал-фажр сурасининг 14-оятида эса: «Шак- шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир», деб айтган. Фасл: Билингки, ҳар бир мукаллаф киши манфаат (фойдали) бўлган сўзлардан ташқари қолган барчасида тилини тиймоғи лозим бўлади. Гапириш ва гапирмаслик манфаатда баробар бўлиб қолганида гапирмаслик суннатдир. Чунки гоҳида мубоҳ сўзлар ҳаромга ёки макруҳга олиб боради. Аксарият ёки кўп ҳолларда шундай бўлади. Бундан сақланишни эса бирор нарсага тенглаштириб бўлмайди.