СОҒИНЧ.
Жонга тегди чиройли сўзлар,
Қасрларбоп саройли сўзлар.
Аллоҳ учун дўст бўлган дўстлар,
Мен сизларни роса соғиндим.
Бобом бошим силагувчийди,
Нурли йўлга йўллагувчийди.
Момом толе тилагувчийди...
Мен сизларни роса соғиндим.
Эй тунимни ёритган диллар,
Эй манзилга элтувчи йўллар,
Чоҳда ётсам чўзилган қўллар,
Мен сизларни роса соғиндим.
Сиз изҳорни дилда айтасиз,
Фақат оғир чоғда қайтасиз.
Хабар бериб қўйинг, қайдасиз,
Мен сизларни роса соғиндим.