Оқар сувдай ўтар умр, Дилимдан ғам аримайди. Бой дўстларим юзин бурар Мени биров танимайди. Гоҳи дерлар: тўпорироқ, Сал девона, сал ғамгинроқ... Бир бандаман мен ҳам гумроҳ, Мени биров танимайди. Ҳаяжондан юзимда тер, Муҳаррирга ўқийман шеър. “Шеърларингиз сал бўшроқ”, -дер Мени биров танимайди. Омад билан бирмас йўлим, Узатаман, етмас қўлим. Таниса бас учта ўғлим, Мени биров танимайди. Аламлардан тўлар юрак, Гоҳи санчиб қўяр юрак, Шу дард билан ўлсам керак, Мени биров танимайди. Ўзинг қўлла мени Оллоҳ, Ўзинг бўлгин менга паноҳ. Бир қулингман девонароқ, Мени биров танимайди.