!
Йўқ, кўнмайман, кўнмайин нечун,
Йўқ, кутмайман тақдирдан шафқат.
Йиғлаб олдим бугун сен учун,
Унутмайман сени муҳаббат!
Майли, йиллар солса ҳам хижрон,
Қимирласа, силжиса ҳам жон,
Унутмагин шуни ҳеч қачон,
Унутмайман сени муҳаббат!
Майли, кимни кутсанг, майли кут,
Майли, менга тутсанг, аза тут,
Майли, мени исимни унут,
Унутмайман сени муҳаббат!
Эслаб қолсанг, менга зор бўлсанг,
Бахтсиз бўлсан, бахтиёр бўлсанг,
Бу дунёда агар бор бўлсанг,
Унутмайман сени муҳаббат!
Тақдир экан, кўнмайин нечун,
Тақдир экан мана шу тоқат.
Йиғламайман энди сен учун,
Унутмайман лекин муҳаббат!