Этагимни қоқдим дунёнгдан,
Севиб қолдим ойдай тўлишни!
Мен яшашни ўрганмоқчиман,
Мен ўрганиб бўлдим ўлишни!
Қараб қўйгин Ўзинг Худойим,
На баҳорни кўрдим, на қишни!
Шундай тугар эртаклар доим,
Мен ўрганиб бўлдим ўлишни!
Интизорман кўкка, фалакка,
Сўрабмидим шундай бўлишни!
Нима бўпти булар эркакка,
Мен ўрганиб бўлдим ўлишни!
Мана, олинг энди дунёни,
Худо билиб қилар ҳар ишни!
Тўлдираман энди зиёни,
Мен ўрганиб бўлдим ўлишни!
Ана, тоғдай қулаётирмиз
Ким истамас мендай тўлишни!
Биз ниҳоят кулаётирмиз,
Мен ўрганиб бўлдим ўлишни!
МЕН ЯШАШНИ ЎРГАНМОҚЧИМАН!