Кўнглим ярим, оғир дардларим,
Кўтаролмай эзилар бағрим,
Мавзуси йўқ умр дафтарим,
Дада сизни жуда соғиндим.
Қулагандек бошимга осмон,
Қилар мурғак қалбимни яксон,
Келмайсизми бўлиб бир мехмон,
Дада сизни жуда соғиндим.
Йўлингизни пойлаб тунгача,
Ухламадим, кутдим кунгача,
Қанча кўз ёш тўкиб шунгача,
Дада сизни жуда соғиндим.
Ранжитгандир сизни қай ёмон?!
Келмаяпсиз йиллаб биз томон,
Бўлинг қайда бўлсангиз омон,
Аммо сизни жуда соғиндим..