Соғинч тўла ҳижрон кунларни,
Қулоғинга айта олсайдим,
Бахтнинг нафис ифорин тўйиб,
Юрагингда ухлаб қолсайдим.
Кетар эди дардларим қочиб,
Фидо бўлай жонимни сочиб,
Бахтдан мамнун саҳифа очиб,
Юрагингда ухлаб қолсайдим.
Қайтган бўлиб ўн саккиз ёшга,
Тож кийгандек бўлардим бошга,
Алишмасдим минг қалам қошга,
Юрагингда ухлаб қолсайдим.
Ҳаёт гўзал, умрлар сози,
У дамларга йўқдир тарози,
Қисматимдан бўлардим рози,
Юрагингда ухлаб қолсайдим.
Армонларга бўлмай дил хаста,
Ўтса ҳамки умр бир паста,
Фурсат етиб сўнги нафасда,
Юрагингда ухлаб қолсайдим.
Муаллиф: Садриддин Ражабов.
27.12.2023.