Маҳаллада Салимжон деган йигит бор. Руҳий томондан озроқ муаммога учраган. Шунга ёшми-катта ҳамма маҳалладошлар "Салим жинни" деб номлаб олишган. Ота-онаси ёшлигида ажрашиб, отаси бошқа хотин, онаси бошқа эр қилиб бу икки ўртада қаровсиз қолгани учунми, ёки Яратган миллионлаб инсонлар орасидан шуни кўпроқ суйганми - ҳартугул бошқалардан ажраб турадиган нимасидир бор.
Салимжон 18 ёшга тўлди, маҳаллада қандай маросим бўлмасин - ҳашарми, тўй-маъраками ҳаммадан олдин борар, энг оғир ишларни бажарарди. Тенгдошлари катталарга қўшилиб қаторда ўтиришса ҳам у сира қўшилмас, ўчоқбошида олов қалаб ёки чой ташиб юрар, овқатни ҳам ёш болалар билан талашиб ер эди. Ёшларни-ку кичик, ўйлари калта ҳали десанг, катталар ҳам уни эрмак қилишдан ўзларини тия олишмасди. Ёнларидан ўтиб қолса тамом: чақириб олиб у ёқ, бу ёқдан савол бериб, телбанамо жавобларига қотиб-қотиб кулиб ўтираверишади. Унинг айниқса бир каломи маълум ва машҳур: "Катта бўлсам ихтирочи бўламан, бир дори ихтиро қиламан, уни ичган одам доим кулиб юради, ҳеч ҳам йиғламайди. Дорини биринчи бўлиб бувимларга бераман, нимагадир ҳар тунда йиғлай-йиғлай ухлолмай чиқадилар"...
Пахта мавсуми якунланган пайт эди. Фермернинг тантилиги тутди-ю, Салимжонни чақирди:
- Ўғлим, мана бу бешта эгат сенга, ғўзапоясини юлиб сотгин-да қишга ўзингга кийим қилиб ол.
Салимжон ишга киришди. Ундаги куч тинимсиз меҳнат ичида бўлгани учун 25-30 ёшлардаги чинакам эркаклардагидай эди. Дарровда сарамжонлади. Ҳаридорлар ҳам топилди. 2-3 тасига сотганидан сўнг, Маҳмуда опа сўраб келдилар:
- Салимжон, ғўзапоянгдан қолдими?
- Ҳа, бор.
- Сотасанми?
- Сотаман-да. Қанча оласиз?
- 20-30 боғ-ча. Неча пул?
- Ҳамма 1000 сўмдан беряпти, сиз 800 дан бераверинг.
- Ҳа, баракалла, болам.
Маҳмуда опанинг эри қазо қилганига 4 йилдан ошди. Боз устига ўғиллари ҳам йўқ. Тўртта қиздан учтасини узатган, биттаси қолган. Савдо ҳам пишди.
Эртаси куни тонг саҳардан Салимжон ғўзапояни елкасига ортиб Маҳмуда опаларникига таший бошлади. Ярмини ташиб бўлди. Аёлнинг ўзи йўқ экан, ҳовлисига таҳлай қолди. Маҳалла гузарида бекорчиликдан нима қилишини билмай ўтирган 3-4 та иши йўқлар одатдагидай уни йўқлашди.
- Ҳа, Салимбой, ҳорманг энди!
- Қутлуғ, қутлуғ.
- Эрталабдан бери жуда оворасиз. Тинчликми?
- Маҳмуда ҳоламлар ғўзапоя олганди, шуни элтиб беряпман.
- Билмаган эканмиз, ғўзапояни сиздан олиш керак эканда,а? Тракторга ортиқча пул кетказмас эдик, ўзингиз елкангизда олиб келаркансиз. Яна ярим пулига сотаркансиз.
Кулишди.
- Эҳ, акам, сизга ундай қилмайди. Салимжоннинг ҳам ақли бутун. Маҳмуда опанинг қизига умид қилаётгандир. Ҳам хотинлик, ҳам уй-жойлик бўлади.
- Ие, бу ёғини ўйламабмиз-ку, тўғри айтасан, Икром. Ҳа, устагарсиз Салимбой.
Яна кулишди.
Салимжон минғирлай бошлади:
- Маҳмуда опанинг ўғли йўқ. Трактор топса ҳам, ким юклайди. Барибир бекорман, бечора аёлни қийнамай ташиб қўяверай, савоб бўлади. Бўпти, акалар, мен борай...
Ўтирганлар жим қолишди, уларнинг ўйларидан асли Салим эмас, ўзларининг ақллари калта экани ўтди. Кўп қолишмади, ҳаммаси тарқаб кетди.
Салимжон ҳаёлидаги дорисини қандай яратишни ўйлаб, ўз-ўзига гапириб ишини давом эттирди


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1